Янгиқўрғон тумани ёшларига 500 гектар ер берилди
Туманда ишсиз юрган 1766 нафар ёш авлод вакилларига тадбиркорлик фаолият билан шуғулланиш, ўз ер майдонида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришлари учун 500 гектар ер майдони ажратиб берилди. Натижада туман бўйича 6454 нафар иш ўрни яратилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ер майдонининг 200 гектарига картошка, 108 гектарига сабзавот, 107 гектарига дуккакли экинлар уруғи қадалади.
Энг муҳими, ёшларга мавсум давомида деҳқончилик сирларидан сабоқ берилиб, агротехник тадбирларини ўз вақтида ва тўғри амалга оширишларида моддий ва маънавий жиҳатдан ёрдам кўрсатилади.
Натижада ёшлар томонидан мавсум якунига бориб 4950 тонна картошка, 1944 тонна сабзавот ва 107 тонна дуккакли экинлар ҳосили йиғиштириб олиниб, бир қисми ички бозорга, яна бир қисми эса экспортга йўналтирилади.
Бундай мутлақо янги тартиб ва тизимнинг жорий этилиши ёшларга ерга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш билан бирга уларнинг бандлигини таъминлайди, даромадларини оширади, шунингдек, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига эришишга ҳамда соҳанинг экспорт салоҳияти юксалишига хизмат қилади.
 
  
1